Поэт, писатель, драматург. Главный редактор газеты при Министерство Юстиции «Инсон ва конун». Занимаюсь творчеством с детство.
Родился 1968 году в Республике Узбекистан, в 1992 году окончил ТашГУ, факультет журналистики. Член союза писателей Узбекистана, поэт, писатель, драматург. Автор книг; «Цветок на ладоне», «Мой мир», «Цветок возле окна», «Плач за рекой», «Улыбнись, дорогая», «Я пришел увидеть твои глаза», «2 рота: Афганистан».
А также, я являюсь автором драм; «Рок испытании», «Ты разбудишь солнце», «Луч в тени не останется», «Удача на нашей стороне», «Не снимай сапоги, не увидев воды», «Не уходи далеко от земли». Его драмы инсценированы в театрах Республики Узбекистан.
Заслуженный журналист Узбекистана, в настоящее время работаю главным редактором в правовой газете «Человек и закон».
Country: Uzbekistan
ҚЎЧҚОР НОРҚОБИЛ
ЎН САККИЗГА КИРМАГАН МЕН БОР
Мен ҳаммасини, бор ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилдим,
афсуски, ҳеч нарса ёзолмадим.
Муаллиф
I
Кун бўйи осмоннинг зардаси босилмади. Кечга бориб ёмғир тағин авжига чиқди. Ҳаво совиди. Казармалар, аскар ва зобитларнинг ошхоналари ваҳимали туюлади. Деразалардан хира ёғдулар аранг кўзга ташланади. Қисмнинг саф майдони шунчалар файзсиз кўринадики, агар зобитларнинг штаби пештоғига ўрнатилган карнайдан ҳазин мусиқа янграмаётганда эди, борлиқни гўё юракни тилкаловчи нохушлик қопларди. Йўлаклар бўйлаб ҳамда казармалар қаршисида одам бўйи қад кўтариб қолган арча, терак, чинорга боғиб ўйга топасан. Инсон ҳамиша ўзига тирикликдан таскин излайди, яшашни яхши кўради. У гарчанд уруш комида қолган бўлса-да, эртага ҳаёти нима билан тугашини сезмаса-да, яшашнинг ҳеч ким кашф қилмаган қонунлари измидан чиқолмайди. Дарахт экади ёки манови совуқ биноларни (ҳеч қанақа эҳтиёж бўлмаса ҳам) бўяб чиқади, йўлакларга тош ётқизади, казармалар олдига оёқ буюмларини тозалаш учун махсус қурилма ясайди, бу ҳам етмагандай ҳар бир эшик қаршисида чекиш хоналарини қуриб ташлайди. Хуллас, ўзини чалғитади.
Эртага бу қисмнинг аскарлари жангга чиқади. Уйларни ёндиради, сувларни заҳарлайди, боғларни ёқиб юборади, одамларни ўлдиради, ўлади, неки бор қирилади. Булар кирган боғларда мангу кузак фасли бошланади. умуман, уруш чоғи қилинган ҳар қандай «савоб» иш иккиюзла-мачилик каби ифлос бир тушунчадан ҳам шармандалироғдир.
Урушда юрганлар ўзини яшашга ҳақли эканликларини одам ўлдирибгина исботлайдилар. У дарахт экадими, мусиқа тинглайдими, нима бўлса ҳам, ўзидан ташқарида, овуниш учун бажаради. Аскар тириклигига ишониши учун кўзлари дунёни кўриб турса бас. Манови казармалар, атрофи тоғлар билан ўралган қисм ҳудуди, кун чиқиш томондан Кобул шаҳрининг бадингга уриб кетган совуқ кўриниши, кийим бошлари бир хил, ўй-хаёллари сеникидан деярли фарқ қилмайдиган тирик ўлик тақдирдошларинг, бемаъни кечаётган кунлар — ҳамма-ҳаммаси, хуллас, бир умр эсдан чиқмайдиган дунёдир.
Мен бошимга бу ўйлар қаердан илакишиб қолганига ҳайрон эдим. Қисмни тош қоплаган йўлаклар бўйлаб, айланиб чиқдим. Кийимларим нам бўлиб кетди. Агар ҳаво оғирлашгудай бўлса, айниқса, ёмғир ёққан маҳали роса сиқиламан. Шунинг учун ҳам казармага қайтишни хоҳламадим. Пахталик ёқасини кўтариб, то артиллериячилар казармасигача бордим. Казармани айланиб, қисм штаби ёнидан ўтаётганимда, ичкаридан чиққан прапоршчик сигарет сўради. Ўзим ҳам битта «Донское»ни тутатдим. Прапоршчик об-ҳаводан нолиди. Агар жангга чиқмасак, қисмда ёрилиб ўламан, деди у. Мен ундан неча йилдан бери бу ердалигини сўрадим. Инқилоб бошланган кезлари Баграмга келганман, кейин уч йил Жалолобод, икки йил Гордез, икки йил Қундузда бўлдим. Тўрт йилдирки, Кобулдаман, деди. Прапоршчикнинг иккита Қизил Юлдузи бор экан. Гап оҳангидан унинг уришавериб, кўзи қотиб кетганга ўхшарди.
Мен сездим. Прапоршчик ёмғирнинг эзворганидан эмас, қисмга навбатчи бўлганлиги учун нолиётганди. Бунақа юмушларни жанг кўрганлар ўзига эп кўрмас, урушга энди келганларнинг иши деб билишарди. Прапоршчик яна иккита сигарет қолдиришимни илтимос қилди. Мен казармага яқинлашганимда, эшик олдидаги ротага яқинда келган нав-батчи аскар бор овоз билан қичқирди.
— Тўхта! Парол икки!
Менинг кулгим қистади. Чинданам янги келган аскарлар ғалати бўлади. Ҳар бир ишни қойилмақом қилиб бажаришни, қаҳрамонлик қилишни яхши кўришади. Йўқса, қисм ичкарисида душманга пишириб қўйибдими, бунча эҳтиёткор бўлишмаса?! Агар бунинг ўрнида «кекса»лардан бири бўлганида парвойига ҳам келмасди. Ўргулдим сендай ҳушёр аскардан.
Мен унга эътибор бермай, яқинлашавердим. Аскар яна қичқирди:
— Тўхта! Парол икки!
Менинг Қашим келди. Бироғ бу касофат айтганини қилмасам, отиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди. Парол бу кеча олти эди. Мен ҳозир тўрт деб жавоб беришим керак. Чунки, навбатчи қайси сонни айтиб тўхтатса, ўша сон билан мен айтган сон йиғиндиси паролга тенг бўлиши шарт эди. Мен тўхтаб турдим. Аскар тағин қичқирди. Казар-мадан рота командири чиқиб келди. Мен энди паролни навбатчига эшиттириб, бақирдим.
— Парол тўрт! Ўзингникиман.
Мен командирга ҳарбийчасига салом бериб, ичкарига кирмоғчи эдим, у тўхтатди.
— Қаерда юрибсан?
— Биринчи ротадайдим, ўртоғ катта лейтенант.
— Нега?
— Баъзан хатлар адашиб кетаяптийкан. Менга хат бормикан, деб борувдим.
— Санқиманглар, бунақа. Бир соатдан кейин пашша ҳам учмасин. Ухланглар.
— Хўп бўлади, ўртоғ командир!
Рота командири офицерлар модули томонга кетди. Казарма ичи талатўп бўлиб ётарди. Киришим ҳамоно пайта-валарнинг сассиқ ҳиди димоғимга урилди. Ҳеч ким ухла-маганди. Қий-чув, тўс-тўполон. Биров каравот устида ўтирволиб, хат ёзаяпти, кимлардир этигини тозалаяпти, бошқалар гимнастёркасига оғ ёқа тикаяпти, бировлар курашга тушмоғда, баъзилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб бурчак-бурчакда овқатланишмоғда, ташқари чиқишга ҳафсаласи йўқлар казармада чекишмоғда. Кимдир гитара чертиб, қўшиқ айтаяпти. Ҳамма нарса телба тескарисига давом этаётганди.
Умуман, урушда ҳеч нима бир маромда, ўз йўлида кетмайди.
Мен ечиниб, жойимга чўзилдим. Уст-бошимни тезроғ қуритиш учун пар қувурга осдим. Толиққан эдим, казармадаги бақир-чақирларга ҳам эътибор бермай, ўраниб ётдим. Тўшак танамга ором бағишлаётганди. Ичим илиди. Шу тобда ҳеч ким тинчимни бузишини истамасдим. Бироғ бир дақиқа ҳам вақт ўтмай кимдир туртди. Ўзимни ухлагангасолиб ётавердим. У яна турткилади. Оғриниб, тўшакдан бошимни чиқардим. Тепамда механигим Ринат турарди.
— Нима дейсан? — дедим.
— Тур, ташқарига чиқамиз.
— Ўзим ҳозир келдим. Уст-бошим ивиб кетди.
— Бир иш бор. Хўп де.
— Ана, Мўмин билан боравер.
— Э, у овсарроғ-да. Тур энди.
— Айтдим-ку, мазам йўқ. Қара, кийимларим ҳам ивиб кетди. Қўй, нима қилсанг ҳам ўзинг қил. Бормайман.
Шундай деб, ағдарилиб ётдим. Устимга тўшакни тортиб тағин бекиниб олдим.
Ринат яқин дўстим эди. Биз у билан энг оғир чоғларда бирга — битта машинада жанг қилгандик. Тағин қанчалаб кўргиликларни бошимиздан кечиришимиз иккимизга ҳам ноаён бўлса-да, бизнинг ҳаётимиз маълум маънода бир-биримизнинг қўлимизда эди. Негаки, моҳир механиккина ўт ичидан, ўлим чангалидан машинани бешикаст олиб чиқа оларди. Ринат ҳам мени ўзича яхши оператор, керакли аскар сифатида ҳурмат қиларди.
Йўқ, аслида гап бизнинг битта машинанинг оператори ёки механиги эканлигимизда эмасди, биз бир-биримизни энг даҳшатли пайтларда сўзсиз тушуна олардик. Мен уни ҳамиша оғир жангдан сўнг бағримга босгим келар, бироғ нимадир бунга халал берарди. Иккимиз ҳам бир-биримизга термулиб, босиб-босиб чекардик. Мен дўстимга ўзимни довюрак қилиб кўрсатгим келарди, айни пайтда унда ҳам шу туйғулар кечаётганига шубҳа қилмасдим. Биз Ринат билан кутилмаганда мангуга ажралиб қолиши мумкин бўлган минг йиллик қадрдон эдик. Умрининг барча йилларини яшаб бўлган, кексайиб қолган чоллардай ўтаётган кунларга шукроналар айтардик.
Биз анча олдин, ҳеч нарсани кўрмай, кўп нарсани билиб олгандик. Инсон қартайиб қолиши учун жуда кўп йиллар яшаши шарт эмаслигини, аллақачон, илк жанглардаёқ ҳис қилгандик. Тез-тез ўлимни ўйлайдиган одамлар ўзларини нечоғлик бепарво, иродали тутмасинлар, барибир ичларидан тўкилиб бўлишади. Ботинан ваҳм ўтида қоврилаётган одамлар зоҳиран савдойи кўринади, буни бепарволикка йўймаслик учун эса ўша одамларнинг орасида бўлиш, уларнинг бошида ўйнаётган чархи-дун қилмишларидан бир чимдим татиб кўриш кифоя эди. Ротада аскарларнинг деярли ҳаммаси нима қилишини билмай, савдойи бўлиб қолишган, улар инсон руҳиятини чилпарчин қиладиган қора кунлар ҳукмини тортиш жазосига мубтало эдилар. Уларнинг ичларини ваҳима таталарди, ҳар лаҳзада ўлиш, ўққа учиш, минада портлаш, лаънати урушда содир этилиши муқаррар ҳар қандай мусибатни кутиб яшардилар.
Менинг назаримда, бу ерга жўнатилганларнинг фақат сувратлари қолган, сийратлари тўкилиб бўлганди. Дунёда одам боласидай ёвуз маҳлуқ йўқ, у ҳамма ишни қойилмақом қилиб бажаради, яна одам боласидай ожиз маҳлуқ йўқ, ўз юрагининг азобларидан, ботиний оғриқлари, кўнглини қоплаган хижилликлардан қочиб қутилолмайди. Ҳар нарсани, ҳатто бир-бирини қиришни-да машқини олган инсон, барибир ўз кўнглидан, юрагидан мағлуб бўлади. Ичкариси бут одамгина ҳеч қандай кўргуликка ўзини олдирмайди.
Урушнинг даҳшати ҳам шундаки, унда қатнашганларнинг барчаси мажруҳ ҳолга тушадилар, ботиний туйғулар ўрнини куйиб, кулга айланган карахтликнинг бир ҳовуч кули эгаллайди. Одам билан қурол орасида битта қўндоғ ва тепкичалик масофа бўлади.
Мен урушнинг ҳавосига кўника бошлаганим сайин, атрофимдагиларни, барча аскару зобитларни ҳаётдан тамоман узилиб қолгандай ҳис қилаётгандим. Гўё бизни аллақандай ёвуз қўл улкан жиноятларимиз эвазига жазолаш учун шу ерларга, ажал қаршисига улоғтириб ташлагандай эди. Биз бу ерларда туйҚуларимизни йўқотаётгандик.
Мен агар инсон қўлига қурол ушласа, худди ҳайвонлар каби бири бирини Қажишдай мунофиқликдан ҳам ҳазар қилмаслигини тушуниб етдим. Ҳайвоннинг инсонга айлануви ҳақида бир нарса деёлмайман-у, бироғ, инсонларнинг ҳайвоний ёвузликдан ҳам баттарроғ хислатни қандай қилиб яшириб юришларига ақлим бовар қилмай қолди. Инсон қурол ушласа, ёвузлик тан беради. Аммо ҳар қандай юраги тоза, маънан соғлом кишиларнинг ҳам ҳаётини уруш яксон қилиб ташлайди.